Ўзбекистон ва SLB энергетика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва SLB энергетика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 21 май куни Энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудов ҳамда SLB компаниясининг Осиё–Тинч океани минтақаси бўйича президенти Ш. Шоҳди ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда шунингдек, SLB компаниясининг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директор А. Бойков ҳамда икки томоннинг масъул вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш керакки, SLB (Schlumberger) — дунёнинг энг йирик нефть сервис компанияларидан бири бўлиб, 1926 йилда ташкил этилган. Компаниянинг бош қароргоҳи Ҳоустон шаҳрида жойлашган бўлиб, у бугунги кунда 120 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. SLB геология-қидирув ишлари, бурғилаш, рақамлаштириш, конларни моделлаштириш ҳамда углеводород захираларини ўзлаштириш соҳаларида илғор технология ва ечимларни таклиф этиб келмоқда.
Музокаралар давомида геология-қидирув ишлари, рақамлаштириш, конларни моделлаштириш, бурғилаш ва мураккаб углеводород захираларини ўзлаштириш соҳаларидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳамда истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, рақамли маълумотлар базаларини ривожлантириш, конларни ишлаб чиқиш самарадорлигини ошириш ҳамда углеводород қазиб чиқариш бўйича қисқа ва узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқишга қаратилган қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар кадрлар тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш ва маҳаллий меҳнат бозорини ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилди. SLB компанияси профиль олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган таълим дастурлари бўйича тажрибасини тақдим этди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро яқин ҳамкорлик ва ахборот алмашинувини давом эттиришга келишиб олди. Шунингдек, жорий йил июнь ойи бошида бурғилаш ва конларни ишлаб чиқиш соҳасида рақамлаштириш, замонавий технологиялар ҳамда сунъий интеллект ечимларини қўллаш масалаларига бағишланган қўшма амалий семинар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.