«Ўзбекнефтгаз» ва CLNC нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди

«Ўзбекнефтгаз» ва CLNC нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди

«Ўзбекнефтгаз» ва CLNC нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов Хитойнинг йирик нефть-газ корпорацияси «CNPC»га қарашли «CNLC» компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

Унда бурғилаш ускуналарини етказиб бериш, геофизика хизматлари ва юқори ҳароратга чидамли қудуқ ускуналарини харид қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Дастлаб «CNPC» компанияси билан сўнгги вақтда яқин ва ўзаро ишончли ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилгани, компания таркибидаги ташкилотлар билан қатор манфаатли шартномалар имзоланиб, бугунги кунда амалий ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидланди.

Учрашув давомида томонлар ўртасида имзоланган юк кўтариш қуввати 650 тонна бўлган ЗJ90 русумли бурғилаш қурилмасини етказиб бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.

Музокараларда геофизика хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, 4500-6000 метргача бўлган чуқур қудуқларда каротаж, синов ва перфорация ишларини амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

«Ўзбекнефтгаз» томонидан юқори ҳароратли — 200°С гача бўлган қудуқларда геофизика ишларини амалга ошириш учун «CNLC» компанияси тақдим этган тижорат таклифларини рақобатбардош ва мақбул шартлар асосида қайта кўриб чиқиш билдирилди.

Шунингдек, «Ўзбекгеофизика» АЖ учун юқори ҳарорат ва босимга чидамли геофизик қудуқ ускуналарини харид қилиш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди. Томонлар ушбу йўналишда техник талаблар, ускуналарнинг ишончлилиги ва нарх параметрларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Музокаралар давомида перфорация ишларини маҳаллийлаштириш ва соҳада замонавий технологияларни жорий этиш мақсадида қўшма корхона ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди. Бу борада алоҳида ишчи гуруҳ тузиш, лойиҳани халқаро стандартлар ва замон талаблари асосида шакллантириш зарурлиги қайд этилди.

Учрашув якунида ҳамкорликни ўзаро манфаатли шартлар асосида ривожлантириш, техник ечимларни такомиллаштириш ва рақобатбардош тижорат таклифларини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг