Пеп Гвардиола 10 йил ва 20 та совриндан сўнг «Манчестер Сити»ни тарк этади
Пеп Гвардиола 10 йил ва 20 та совриндан сўнг «Манчестер Сити»ни тарк этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Англиянинг «Манчестер Сити» футбол клуби бош мураббийи Пеп Гвардиола 2026 йил ёзида ўз лавозимини тарк этади. Бу ҳақда 22 май куни клуб матбуот хизмати хабар қилди.
Гвардиола «Манчестер Сити»ни 2016 йил июль ойида бошқарувига олган ва ўн йиллик фаолияти давомида 20 та йирик совринни қўлга киритиб, клуб тарихидаги энг муваффақиятли мураббийга айланган.
Бош мураббийлик лавозимини тарк этгач, у City Football Group тизимида глобал амбассадор сифатида фаолиятини давом эттиради. Янги вазифасида Гвардиола гуруҳ клубларига техник масалалар бўйича маслаҳат беради, айрим лойиҳалар ва ҳамкорликларда иштирок этади.
Мураббий ўз мурожаатида кетиш қарори фаолиятининг муайян босқичи якунлангани билан боғлиқ эканини таъкидлади.
«Кетиш сабаблари ҳақида мендан сўраманг. Аниқ сабаб йўқ, аммо ич-ичимдан биламанки, менинг вақтим келди. Ҳеч нарса абадий эмас», — деди Гвардиола ҳамда футболчилар, клуб ходимлари, мухлислар ва оиласига қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
«Манчестер Сити» раиси Халдун Ал Муборакнинг айтишича, ўн йиллик ҳамкорлик давомида мураббий билан муносабатларнинг асосий тамойиллари ишонч ва профессионал ҳалоллик бўлган. У Гвардиола нафақат клубга, балки замонавий футбол ривожига ҳам катта таъсир кўрсатганини таъкидлади.
Гвардиола клубдаги фаолияти давомида олти марта Англия премьер-лигасида ғолиб чиққан, бир марта UEFA Чемпионлар лигасини, уч марта Англия кубогини, беш марта Англия лига кубогини, шунингдек клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, UEFA Суперкубоги ва уч марта Англия Суперкубогини қўлга киритган.
Унинг раҳбарлиги остида «Манчестер Сити» қатор рекордларни ўрнатди. Жумладан, 2017/18 мавсумида жамоа 100 очко тўплади, 2022/23 мавсумида треблга эришди ва Премьер-лигада кетма-кет тўрт марта чемпионликни қўлга киритди.
Гвардиоланинг жамоа бош мураббийи сифатидаги сўнгги учрашуви «Астон Вилла»га қарши ўйин бўлади. У клуб бош мураббийи сифатида жами 593 та учрашувда иштирок этган.
Испаниялик мутахассис кетгач, унинг ўрнини италиялик мураббий Энцо Мареска эгаллаши мумкинлиги хабар қилинмоқда.
Шунингдек, Гвардиоланинг кетиши «Манчестер Сити» ҳимоячиси, ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусановга ҳам таъсир қилиши қайд этилди. Футболчи клубдаги фаолиятини янги бош мураббий қўл остида давом эттиради.