Сенат қишлоқ хўжалиги қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни маъқуллади
Сенат қишлоқ хўжалиги қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳага замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Қонун билан “Уруғчилик тўғрисида”ги ва “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунларга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг номи аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ўзининг ҳамда мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи субъектлар, иссиқхона хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга берилган ариза, даъво ва шикоятлари юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилмоқда.
Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, аграр соҳадаги республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.