Сенат қурилиш соҳасида корруптсияга қарши чоралар кўриш бўйича сўров юборди
Сенат қурилиш соҳасида корруптсияга қарши чоралар кўриш бўйича сўров юборди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 15-ялпи мажлисида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. Ҳидоятовга қурилиш соҳасида коррупциянинг олдини олиш қонунчилигига риоя қилиш юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг “драйвери” сифатида белгиланиб, соҳани рақамлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, соҳада инсон қадрини улуғлашга ва қонун устуворлигини таъминлашга, коррупция ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этишга тўсқинлик қилаётган айрим тизимли муаммолар ҳам сақланиб қолаётганлиги кузатилмоқда.
Хусусан, соҳада молиявий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида ички назорат механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш ва кучайтириш зарурати мавжуд.
Таҳлиллар қурилиш объектларида хавфсизлик техникаси талабларига қатъий риоя этиш ва инсон ҳаётини муҳофаза қилиш энг устувор вазифа эканини кўрсатмоқда. Шу сабабли бу борада назорат тизимини такомиллаштириш бўйича вазирлик зиммасига қатъий вазифалар қўйилиши таъкидланди.
Соҳада аҳолидан келиб тушаётган шикоятларни кўриб чиқиш самарасизлиги борасида кескин эътирозлар билдирилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш зарурлиги қайд этилди.
Маънан эскирган айрим шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини халқаро стандартлар асосида тезкорлик билан хатловдан ўтказиш ва янгилаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, парламент сўровида вазирликдан коррупцияга чек қўйиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, қурилиш сифатини назорат қилиш ва ишчилар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилди.
Муҳокама якунлари юзасидан Сенатнинг тегишли парламент сўровини юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.