Ўзбекистон ва Бамиян картошка кластерини ривожлантириш масаласини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Бамиян картошка кластерини ривожлантириш масаласини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Бамиян картошка кластерини ривожлантириш масаласини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ташриф дастурининг иккинчи кунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов бошчилигидаги делегация Афғонистоннинг Бомиён вилоятига ташриф буюриб, вилоят ҳокими Қори Гул Ҳайдар Шафақ билан учрашув ўтказди.

Учрашувда картошка етиштириш, уни Ўзбекистонга импорт қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қарийб 500 минг аҳоли яшайдиган Бомиён вилояти аҳолисининг 80 фоизи картошкачилик билан шуғулланади. Ҳудуд Афғонистоннинг картошка етиштириш бўйича асосий марказларидан бири ҳисобланади.

Томонлар картошкачилик соҳасида кластер тизимини йўлга қўйиш ташаббусини ҳам кўриб чиқди. Унга кўра, Ўзбекистон томонидан картошка уруғлари етказиб берилиб, ҳосил пишиб етилгандан кейин маҳсулотни кафолатли сотиб олиш механизми жорий этилиши таклиф қилинди.

Мазкур тизим орқали Ўзбекистонга ҳар йили камида 50 минг тоннадан 300 минг тоннагача арзон ва сифатли картошка импорт қилиш имкониятини шакллантириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Бомиён вилоятида меваларни йиғиш, минерал ўғитларни сақлаш ва экспорт қилишга мўлжалланган замонавий омбор ташкил этиш ҳамда маҳаллий деҳқонларни Ўзбекистонда малака ошириш дастурларига жалб қилиш таклифлари илгари сурилди.

Бомиён вилояти ҳокими мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг