Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида янги ҳамкорлик босқичи бошланмоқда
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида янги ҳамкорлик босқичи бошланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида икки мамлакат бизнес вакилларининг расмий учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Суҳроб Абдураҳмонов ва Балх Савдо ва инвестициялар палатаси раиси ўринбосари Насир Аҳмад Султонзода иштирок этди.
Музокаралар давомида томонлар икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатларини юқори баҳолаб, савдо, инвестиция, логистика ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат: икки мамлакат тадбиркорлари учун янги бозорлар очиш, қўшма бизнес-форум ва кўргазмаларни мунтазам ташкил этиш, савдо йўлидаги тўсиқларни тезкор ҳал қилиш бўйича ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйишга хизмат қилади.
Шунингдек, тадбир доирасида ўзбекистонлик ва афғонистонлик тадбиркорлар ўртасида B2B форматдаги учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маҳаллий тадбиркорларнинг халқаро бозорлардаги иштирокини кенгайтириш бўйича тизимли ишларни давом эттиради.