Андижонда «Энергосавдо» юрисконсульти пора билан ушланди
Андижонда «Энергосавдо» юрисконсульти пора билан ушланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилоятида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «Энергосавдо» филиали ҳудудий бўлинмаси юрисконсультига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, юридик хизмат ходими пишлоқ ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятдан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳақидаги далолатнома ва 788,4 миллион сўм миқдорида ҳисобланган зарар масаласини ҳал қилиш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Аниқланишича, 1 май куни у талаб қилинган пулнинг бир қисми — 500 АҚШ долларини олган. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида юрисконсульт қолган 4 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларга бундай ҳуқуқбузарликлар ҳақида Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақами орқали хабар бериш мумкинлигини эслатди. Шу билан бирга, мурожаатлар махфийлиги кафолатланиши таъкидланди.