Ўзбекистонда нуқсонли товарларни алмаштириш тартиби аниқлаштирилади
Ўзбекистонда нуқсонли товарларни алмаштириш тартиби аниқлаштирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Қонунчилик палатаси йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш, айниқса, нуқсонли товарларни алмаштириш жараёнидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган.
Қайд этилганидек, амалдаги қонунчиликда нуқсонли товарни алмаштириш жараёнида товар сифатини қўшимча текшириш асослари ва тартиб-таомиллари аниқ белгиланмаган. Бу айрим ҳолатларда товарни алмаштириш муддатининг асоссиз чўзилишига, натижада эса истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Қонун лойиҳаси билан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддаси тегишли нормалар билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилиши, тузилиши ёки таркибига оид камчиликларни аниқлаган тақдирда, сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи айнан шундай маркали товар мавжуд бўлса, уни дарҳол алмаштириб бериши шарт бўлади. Амалдаги тартибга кўра 7 кун ичида алмаштирилиши белгиланган.
Лойиҳада қўшимча текшириш ўтказиш асослари ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, товардаги нуқсонлар истеъмолчига товар реализация қилинганидан кейин сақлаш ёки фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, ёхуд учинчи шахсларнинг ҳаракатлари натижасида келиб чиққан бўлиши мумкинлигини ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган ҳолатларда қўшимча текширув ўтказилади.
Маҳсулот сифатини қўшимча текшириш билан боғлиқ харажатлар сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи томонидан қопланади. Бироқ, текшириш натижасида товарда нуқсон мавжуд эмаслиги ёки нуқсон истеъмолчининг қоидаларни бузиши ёхуд учинчи шахслар ҳаракати оқибатида келиб чиққанлиги аниқланса, ушбу харажатлар истеъмолчи томонидан қопланиши белгиланмоқда.
Ҳужжатда истеъмолчининг ҳуқуқлари ҳам аниқ белгилаб қўйиляпти. Хусусан, у шахсан ёки ўз вакили орқали товар нуқсонининг келиб чиқиш сабабларини текшириш жараёнида иштирок этиш, текширув вақти ва жойи ҳақида олдиндан хабардор қилиниши ҳамда ўз маблағлари ҳисобидан мустақил текширув ўтказишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.