Ўзбекистон AD Ports Group билан лойиҳаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон AD Ports Group билан лойиҳаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон AD Ports Group билан лойиҳаларни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Бирлашган Араб Амирликларининг “AD Ports Group” компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида томонлар транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш, порт ва омборхона инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Учрашувда “AD Ports Group” компаниясининг логистика активларини бошқариш бўйича халқаро тажрибасини жорий этиш ҳамда Ўзбекистонда замонавий транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар қўшма ташаббусларни амалиётга тезроқ жорий этишдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Шунингдек, IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида тегишли ҳужжатларни имзолаш мақсадида аниқ лойиҳалар устидаги ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

“AD Ports Group” - БААнинг йирик тижорат портлари, эркин иқтисодий зоналар, логистика ва денгиз хизматларини бошқарувчи етакчи компаниясидир. 2025 йил якунларига кўра, холдингнинг соф фойдаси 564 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, унинг бошқарувидаги активлар қиймати 18,9 миллиард АҚШ долларига етди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг