Ўзбекистон ер ости туннеллари учун жарималарни кучайтиради
Ўзбекистон ер ости туннеллари учун жарималарни кучайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда Давлат чегарасини муҳофаза қилиш ва унинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, ер остида ноқонуний барпо этилган иншоотлар, туннеллар ёки бошқа инфратузилма объектидан фойдаланган ҳолда содир этилган божхона қонунчилигини бузиш ҳолатлари оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланмоқда.
Шунингдек, бундай иншоотлар ва туннеллар орқали қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, Ўзбекистон Республикасига кириш ёки давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳолатлари учун ҳам жавобгарлик кучайтириляпти.
Қонун лойиҳасида давлат чегараси орқали ер остида ноқонуний иншоотлар ва туннеллар қурилишига ёки бошқа инфратузилма объекти барпо этилишига била туриб шарт-шароит яратиш, улардан фойдаланиш, шунингдек, ушбу фаолиятни молиялаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, давлат чегараси орқали содир этиладиган ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш, божхона қонунчилиги бузилишига қарши таъсирчан ҳуқуқий механизмларни кучайтиришга қаратилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.