Ўзбекистон GSMA билан рақамли трансформацияни муҳокама қилди
Ўзбекистон GSMA билан рақамли трансформацияни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов GSMA'нинг Бош регулятор масалалари бўйича директори ва GSMA Фоундатион президенти Жон Гиусти билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда рақамли трансформация, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳолининг интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда аҳоли учун ҳамёнбоп қурилмалар ва арзон тарифларни жорий этиш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш ҳамда интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
GSMA вакиллари Ўзбекистоннинг рақамли кўникмалар ва стартап экотизимини ривожлантириш борасидаги тажрибасини юқори баҳолади.
Шунингдек, сунъий йўлдош алоқаси ва мобил тармоқлар интеграцияси, паст орбитали сунъий йўлдош тизимларини тартибга солиш бўйича халқаро ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар чоғида томонлар рақамли инфратузилма, телекоммуникация ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, халқаро майдонларда ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни илгари суришга тайёр эканликларини билдирдилар.