“Yandex Uzbekistan” информатика ўқитувчилари учун таълимда сунъий интеллект этикасига оид интенсив курслар ташкил этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «InfoTeach» информатика ўқитувчилари учун республика форуми доирасида “Yandex Uzbekistan” иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш усуллари ва уларни олимпиада дастурлаш бўйича мусобақаларга тайёрлаш методлари, шунингдек таълимда сунъий интеллектдан фойдаланиш ва унинг этик жиҳатларига бағишланган маърузалар ва амалий машғулотлардан иборат интенсив курслар ташкил этди.
Форум Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Рақамли таълимни ривожлантириш маркази кўмагида ўтказилди. “Yandex Uzbekistan” форумнинг бош ҳамкори сифатида иштирок этди.
Форумда Россия информатика фанидан умумроссия олимпиадаси марказий фан-методик комиссияси аъзоси, шунингдек олимпиадаларнинг якуний босқичи ғолибларини тайёрловчи мураббий Инесса Шуйкова иштирок этди. У олимпиада дастурлаш йўналишига оид ёндашувлар, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш усуллари ва уларни мусобақаларга тайёрлаш стратегиялари ҳақида фикр билдирди.
«Yandex» мактаб дастурлари академик раҳбари Александр Паволотский эса таълим жараёнида сунъий интеллектнинг ўрни ҳақида маъруза ўқиди. У машинали ўрганиш алгоритмлари қандай ишлашини, АI мактабда қайси вазифаларни ҳал этишга ёрдам бераётганини ва бу технологияларни жорий этишда нималарга эътибор бериш кераклигини тушунтирди. Айниқса, АI'дан таълимда фойдаланишдаги этик масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, методист Роман Никитин ўқувчиларни рағбатлантириш мавзусида маъруза қилди. У ўз чиқишида ўқишга бўлган қизиқиши паст бўлган ўқувчилар билан ишлаш усулларини, илм-фанга асосланган ёндашувларни, кенг тарқалган афсона ва нотўғри қарашларни инкор этар экан, реал иш берадиган воситаларни таклиф этди.
Форум қатнашчилари учун “Yandex Uzbekistan” ходимлари томонидан ишлаб чиқилган “Ўқувчи каби фикрла” деб номланган интеллектуал ўйин ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчилар IТ тушунчаларини ўйин тарзда мустаҳкамладилар, касбий тажриба алмашдилар ва умумий қизиқиш нуқталарини муҳокама қилишди.