U19 ёш тоифасидаги боксчиларимиз Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Таиландда бокс бўйича 19 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати якунланиб, Ўзбекистон терма жамоаси ажойиб муваффақиятга эришиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистонлик боксчилар жами 13 та медаль, жумладан, 7 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.
Севара Маматова (60 килограммгача), Собирахон Шахобиддинова (80 килограммдан юқори), Жаҳонгир Зайниддинов (65 килограммгача), Абдулазиз Жўрақулов (70 килограммгача), Норбек Абдуллаев (80 килограммгача), Самир Собиров (85 килограммгача) ва Ислом Солихов (90 килограммдан ортиқ) олтин медални қўлга киритди.
Кумуш медалларни Райҳона Қурбонбоева (70 килограммгача), Мафтуна Мусурмонова (48 килограммгача) ва Муҳаммаджон Ёқуббоев (75 килограммгача) қўлга киритди.
Бронза медали совриндорлари Абдураҳмон Маҳмуджонов (60 килограммгача), Мафтуна Янгиева (75 килограммгача) ва Рухшона Парпиева (81 килограммгача) бўлди.
Шу тариқа, мамлакатимиз ёшлар терма жамоаси ўзбек бокс мактабининг халқаро майдондаги юксак савиясини яна бир бор тасдиқлади.