Валюта курслари 13/08/2025
$1 – 12509.83
UZS – -0.63%
€1 – 14520.16
UZS – -0.93%
₽1 – 156.55
UZS – -0.69%
Қидириш
Ўзбекистон 12/08/2025 Тошкент шаҳрида маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилмоқда

Тошкент шаҳрида маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар ҳокимлигида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш жараёнини рақамлаштириш масаласи муҳокама қилинди. Йиғилишни шаҳар ҳокимлигининг Ахборот технологиялари масалалари бўйича котибият мудири Бобур Абдураҳимов олиб борди ва янги тизим – “Тоза Пойтахт” дастурий таъминоти билан иштирокчиларни таништирди.

Ушбу тизим орқали чиқинди йиғиш техникалари маҳаллабай ва белгиланган график асосида жалб этилади. Жараёнда Экология қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Миллий гвардия ва маҳалла еттилиги ўз ҳудудларига масъул бўлади.

“Тоза Пойтахт” дастурий таъминоти эртадан «Олмазор» туманида синов тариқасида ишга туширилади, 1 сентябрга қадар қолган туманларга ҳам босқичма-босқич жорий этилади. Лойиҳанинг асосий мақсади – чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш жараёнини назорат қилиш орқали шаҳар тозалигини таъминлаш, техникалар ишини мониторинг қилиш ва хизмат сифатини ошириш.

Янги тизим орқали маҳалланинг ички кўчаларида техникалар ҳаракатини кузатиш, чиқинди ҳажмини ҳисоблаш, юридик ташкилотларга кўрсатилаётган хизмат сифатини баҳолаш, марказий ва ички кўчалардаги санитария ҳолатини мониторинг қилиш мумкин бўлади. Барча маълумотлар автоматик тарзда йиғилади, инсон ресурсларига эҳтиёж қолмайди. Бажарилмаган ишлар ва чиқинди олиб чиқиб кетилмаган манзиллар ҳам автоматик қайд этилади.

Йиғилишда Тошкент шаҳар Маҳаллалар уюшмаси раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлади ва тизим маҳалла раислари ҳамда маҳалла еттилиги учун катта ёрдам бўлишини таъкидлади. «Махсустранс» давлат корхонаси, Экология қўмитаси ва Миллий гвардия вакиллари ҳам ўз фикр ва таклифларини билдиришди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг