SWISS GROW компанияси Ўзбекистоннинг чарм саноатидаги экологик лойиҳага 2 миллион доллар сармоя киритади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил — Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган. Бу давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгилаб берилган йил, шунчаки шиор эмас, балки амалий қадамлар, технологик ислоҳотлар ва янги ҳамкорликлар даврига айланмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида Швейтсариянинг экологик инновациялар соҳасидаги етакчи компанияси — SWISS GROW ва «Ўзчармсаноат» уюшмаси ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Мулоқот марказида — чарм маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнида пайдо бўладиган чиқиндиларни қайта ишлаш ва ундан қишлоқ хўжалиги соҳаси учун зарур минерал ўғитлар ишлаб чиқариш масаласи бўлди. Кўп ҳолларда чарм заводлардаги чиқиндилар йиллар давомида утилизация қилинган ёки йўқотилган, аммо уларнинг қиймати ва имконияти кўпчиликка номаълум бўлиб келган. SWISS GROWтаклиф этаётган технологиялар эса бу чиқиндиларни қишлоқ хўжалиги учун қимматли минерал ўғитларга айлантириш имконини беради.
Бунинг маъноси шундаки, фойда икки йўналишда бир вақтнинг ўзида яратилади: биринчидан, атроф-муҳит ифлосланишидан ҳимоя қилинади; иккинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳаллий, экологик тоза ўғит билан таъминланади. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, бундай “иккала томонга фойда” берувчи технологиялар Европа ва Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларда аллақачон ишламоқда ва ўзини оқлаган. Ўзбекистон эса бу гал уни фақат импорт қилиш билан чекланмасдан, маҳаллий ишлаб чиқариш занжирига интеграция қилиш ниятида. Бу — саноат ва аграр секторни уйғунлаштирувчи янги босқич, «яшил» иқтисодиётнинг амалий ифодаси.
Музокараларда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тартиблари, қонунчилик базаси ва лойиҳа учун зарур ер майдонлари муҳокама қилинди. Шунингдек, лойиҳа ишга тушиши билан биринчи босқичда 60 фоиз чарм маҳсулотларидан ҳосил бўладиган чиқиндилар тўлиқ қайта ишланиши таъкидланди. Лойиҳа қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 2 млн доллар дея баҳоланмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро имижи учун ҳам бу янгилик стратегик аҳамиятга эга. Чунки у мамлакатни фақат хомашё етказиб берувчи эмас, балки юқори технологияли, экологик масъулиятли, инновацияга очиқ ҳамкор сифатида намоён этади. Чарм саноати чиқиндисини тупроққа ҳаётга айлантириш ғояси — бу шунчаки қайта ишлаш эмас, балки ресурсларни қайта баҳолаш, келажак учун барқарор ечим яратиш демакдир.