Сенатда Мўғулистон парламенти аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 12 август куни Сенатда Мўғулистон Буюк Давлат Хурали аъзоси, Бюджет бўйича доимий қўмита аъзоси Цэрэнпил Даваасурэн бошчилигидаги парламент делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасидаги кенг қамровли шериклик алоқалари кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларига, ўзаро яқин савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликка асосланганлиги таъкидланди.
Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ишончи давлатлараро муносабатларнинг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Мўғулистон Буюк Давлат Хурали билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда олий даражада эришилган келишувларнинг бажарилиши устидан биргаликдаги парламент назоратини йўлга қўйиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мўғулистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш парламентлараро гуруҳнинг ҳам вазифаси эканлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, учрашувда парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари бўйича ҳам сўз юритилди.