Валюта курслари 04/08/2025
$1 – 12725.16
UZS – 0.26%
€1 – 14507.95
UZS – -0.02%
₽1 – 158.65
UZS – 0.13%
Қидириш
Ўзбекистон 04/08/2025 Сенат Раиси Женевада минтақавий барқарорлик ва глобал шериклик масалаларини муҳокама қилди

Сенат Раиси Женевада минтақавий барқарорлик ва глобал шериклик масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Женева шаҳрида Парламентлараро иттифоққа аъзо мамлакатлар парламентлари аёл спикерларининг 15-саммити доирасида қатор хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Хусусан, “БМТ – аёллар” ташкилотининг Женевадаги бўлим директори София Каллторп билан бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Таълим, бандлик ва оилавий зўравонликка қарши курашиш соҳаларида амалга оширилаётган тизимли ишлар халқаро ташкилотлар диққат марказида экани қайд этилди. Шунингдек, Термиздаги Афғонистон аёллари учун ташкил этилган таълим маркази фаолияти ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Парламентлараро ҳамкорлик масалалари Германия Федератив Республикаси Бундесрати Спикери Анке Релингер, Сингапур парламенти Спикери Си Кеан Пенг, Венгрия Миллий Мажлиси вице-спикери Янош Латорцай ҳамда Қозоғистон парламенти Мажилиси Раиси Ерлан Қошанов билан бўлиб ўтган учрашувларда ҳам кенг муҳокама қилинди.

Учрашувлар давомида сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда тажриба алмашиш, қўшма ташаббусларни илгари суриш, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Хусусан, Германия ва Венгрия парламент аъзолари билан ўзаро расмий ташрифлар билан алмашиш кун тартибида экани қайд этилди. Сингапур билан давлат бошқарувини модернизация қилиш, рақамлаштириш ва коррупцияга қарши курашиш борасида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди. Қозоғистон парламент делегацияси билан эса, минтақавий барқарорлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг