Рақобат қўмитасининг кўрсатмаси “UNITEL” МЧЖ (Beeline) томонидан бажарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобат қўмитаси томонидан телекоммуникация хизматлари кўрсатишда истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, шартнома ҳамда тариф режаларига камситувчи шартларни киритмаслик, шунингдек, абонентларнинг хабардорлигини оширишга қаратилган тизимли таҳлил ва назорат ишлари олиб борилмоқда.
“Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари”га мувофиқ, мобил хизматлар тарификацияси абонент ҳолатини ёмонлаштирмаслиги ва истеъмолчи манфаатларига зид бўлмаслиги лозим.
Қўмитага келиб тушган кўплаб мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишлар давомида “UNITEL” МЧЖ (Beeline) томонидан тақдим этилаётган аксарият тариф режаларида кунлик тариф жорий қилинганлиги (ойлик абонент тўловини ечиш учун ҳисобда маблағ етарли бўлмаганда, автоматик равишда кунлик тўлов ечиш тизимига уланиши) ва ушбу хизматни мустақил равишда ўчириш ёки фаоллаштириш имконияти мавжуд эмаслиги аниқланди. Бу эса, истеъмолчиларнинг хабардорлигисиз моддий йўқотишларга ҳамда эътирозларига сабаб бўлаётган эди.
Қўмита кўрсатмасига асосан, компания томонидан “кунлик абонент тўлови режимига ўтиш” хизматини бошқариш имконияти жорий этилиб, бу ҳақда расмий сайтда эълон қилинди ҳамда ушбу хизмат мавжуд тариф режаларига уланган абонентларга SMS хабарнома юборилиб, хизматни бошқариш усуллари тушунтирилди.
Эндиликда, абонентлар кунлик абонент тўлови ечиш хизматини: USSD код орқали, Hаmbi мобил иловаси, Компаниянинг алоқа маркази.
Савдо офислари орқали ўчириши ёки фаоллаштириши мумкин.
Рақобат қўмитаси “UNITEL” МЧЖ (Beeline) томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан берилган кўрсатмани бажарилганини ҳамда ўз абонентлари учун хизматлардан қулай ва мослашувчан тарзда фойдаланиш имкониятларини яратаётганини эътироф этган ҳолда, истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш шартлари билан батафсил танишиб чиқиш ҳамда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига риоя этишни тавсия этади.
Шунингдек, Қўмита бундан аввал Ucell ва Mobiuz алоқа операторлари фаолияти бўйича ҳам истеъмолчилар манфаатларини юзасидан тегишли кўрсатмалар ижро этилгани бўйича маълумотларни эълон қилган эди.
Қўмита телекоммуникация соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича назорат ва амалий чора-тадбирларни доимий равишда давом эттиради.