Прокуратура ҳибсга олинган ҳоким номидан чиқарилган қарорлар ҳақидаги хабарлардан сўнг текширув бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ижтимоий тармоқларда Шараф-Рашидов тумани ҳокими ҳибсга олинганидан сўнг, гўёки унинг номидан пул маблағларини ажратиш тўғрисида бешта қарор имзолангани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан Шараф-Рашидов тумани прокуратураси томонидан дастлабки терговга қадар текширув ўтказилиши бошланди. Жиззах вилояти прокуратураси эса тўпланган материаллар асосида қонуний процессуал қарор қабул қилиш жараёнини назоратга олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилоятининг Шараф-Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбутаев қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси — «Пора олиш» бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, у депутатлик дахлсизлигидан ҳам маҳрум қилинди.
Бундан ташқари, мазкур иш доирасида туман ҳокимлиги бош мутахассисига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») ва 211-моддаси («Пора бериш») бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилган.