Ўзбекистон аҳолиси 37,8 миллион кишидан ошди: ярим йилда табиий ўсиш 321 минг нафарни ташкил этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони 2025 йил 1 июль ҳолатига кўра 37 859,7 минг кишини ташкил этди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 725,5 минг кишига ёки 2,0 фоизга кўпдир.
2025 йилнинг январь–июнь ойлари давомида 405,5 мингта тирик туғилган ҳолат қайд этилган бўлиб, 84,1 мингта ўлим ҳолати рўй берган. Табиий ўсиш 321,4 минг нафарни ташкил этди.
Бу даврда хориждан келганлар сони 673 кишини, хорижга чиқиб кетганлар сони эса 5 551 кишини ташкил этди. Шу билан бирга, 95,3 мингта никоҳ қайд этилган, 23,3 мингта ажрашиш ҳолати кузатилган.
Шаҳар жойларда доимий яшовчилар сони 19 296,4 минг нафарни (умумий аҳолининг 51,0 фоизи), қишлоқ жойларда эса 18 563,3 минг нафарни (49,0 фоизи) ташкил этди. Аёллар сони 18 793,9 минг нафар (49,6%), эркаклар эса 19 065,8 минг нафар (50,4%) бўлди.
2025 йил 1 июль ҳолатига кўра мамлакатда аҳоли зичлиги 1 квадрат километрга 84,3 кишини ташкил этди. Бу 2024 йилнинг шу санадаги кўрсаткичига (82,7 киши) нисбатан 1,6 кишига кўпдир.
Жорий йилнинг биринчи ярмида туғилиш коэффициенти ҳар 1000 нафар аҳолига 21,7 промиллени ташкил этди. 2024 йилнинг шу даврига нисбатан туғилганлар сони 14,4 минг кишига камайган.
Ўлим ҳолатлари 84,1 мингта бўлиб, ўлим коэффициенти 4,5 промиллени ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 мингта кўпдир.
Туғилганларнинг 209,6 минг нафари (51,7%) ўғил болалар, 195,9 минг нафари (48,3%) қиз болалар. Шаҳарларда 197,8 мингта (48,8%), қишлоқларда эса 207,7 мингта (51,2%) туғилиш ҳолати кузатилган.
Умумий ўлим ҳолатларининг 46,2 минг нафари (54,9%) эркаклар, 37,9 минг нафари (45,1%) аёллар ҳиссасига тўғри келади. Улардан 45,6 минг нафари (54,2%) шаҳар, 38,5 минг нафари (45,8%) қишлоқ жойларда қайд этилган.
Никоҳлар сони 95,3 мингта бўлиб, ҳар 1000 нафар аҳолига 5,1 промиллени ташкил этган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 мингтага камайган.
Ажримлар сони 23,3 мингта бўлиб, ҳар 1000 нафар аҳолига 1,2 промиллени ташкил қилган. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 0,8 мингтага кўпдир.
2025 йил январь–июнь ойларида мамлакатга жами 127 759 киши келган. Уларнинг 127 086 нафари республика ички ҳудудларидан, 673 нафари эса хорижий мамлакатлардан келган.
Шу билан бирга, жами 132 637 киши бошқа ҳудудларга кўчиб кетган, шулардан 127 086 нафари республика ичида, 5 551 нафари эса хорижий давлатларга чиқиб кетган.