Валюта курслари 04/08/2025
$1 – 12725.16
UZS – 0.26%
€1 – 14507.95
UZS – -0.02%
₽1 – 158.65
UZS – 0.13%
Қидириш
Иқтисод 24/07/2025 Ўзбекистонда музлатилган сабзавотлар экспорти учун фермерларга имтиёзли молиялаштиришни жорий этиш таклиф қилинди

Ўзбекистонда музлатилган сабзавотлар экспорти учун фермерларга имтиёзли молиялаштиришни жорий этиш таклиф қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 18 июль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорлар иштирокидаги очиқ мулоқот доирасида мамлакатда мева-сабзавот етиштиришни ривожлантириш учун имтиёзли молиялаштириш механизмларини жорий этиш таклифи илгари сурилди.

International Beverages Tashkent компанияси муассиси ва Samarkand Gardens Plast вакили Шўҳрат Эргашевнинг таъкидлашича, Россия бозорида ҳар йили 1,3 миллион тонна музлатилган сабзавот ва меваларга эҳтиёж мавжуд, лекин Ўзбекистондан экспорт ҳажми ҳозирча бор-йўғи 30–40 минг тоннани ташкил этади.

Унинг сўзларига кўра, брокколи, гулкарам ва булғор қалампир каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини самарали ташкил этилган ҳолда етиштириш фермерга ҳар гектардан 100 миллион сўмгача даромад келтириши мумкин.

Эргашев фаол агросезон даврида фермерлар учун айниқса муаммоли бўлган айланма маблағлар етишмаслигига эътибор қаратди. У банк, фермер хўжалиги ва қайта ишлаш корхонаси ўртасида яқин ҳамкорликка асосланган моделни жорий этишни таклиф қилди.

Ушбу модельга кўра:

Банк фермерни молиялаштиради;

Қайта ишловчи завод белгиланган ҳажмда маҳсулотни олдиндан келишилган нархда сотиб олиш мажбуриятини олади;

Бу, ўз навбатида, банк учун лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини баҳолашни осонлаштиради ва кредит беришдаги таваккалчиликни камайтиради.

У шунга ҳам урғу бердики, мавсум бошида фермерлар солиқ тўлаш, ўғит ва ёқилғи хариди, агротехник тадбирларни ўтказиш ва ишчиларга иш ҳақи бериш учун маблағга муҳтож бўлади. Шу муносабат билан банклар кредит берсин, давлат эса қайта молиялаш ставкаси бўйича фоизнинг 30–50 фоизини қопласин, деган таклиф билдирилди.

Шунингдек, Эргашев Ўзбекистон иқлими Россия бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотларни — айниқса брокколи, гулкарам ва булғор қалампирини — етиштириш учун жуда қулай эканини таъкидлади. Масалан, брокколининг гектаридан 10–15 тонна ҳосил олиш мумкин.

Унинг фикрича, давлат субсидиялари сарф-харажат эмас, балки 5–10 йил ичида қайтиши мумкин бўлган узоқ муддатли инвестиция сифатида баҳоланиши лозим. Шунинг учун давлат ёрдамларининг самарадорлигини чуқур таҳлил қилиш зарур.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, фермерлар, банклар ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида барқарор уч томонлама ҳамкорлик тизимини яратиш мумкин. Унга кўра, фермерлар маҳсулот етиштиришади, банклар молиявий кўмак беради, заводлар эса ҳосилни кафолатланган равишда сотиб олиб, экспорт қилади.

У музлатилган сабзавот ва мевалар ишлаб чиқаришни барқарор ва прогнозлаш мумкин бўлган бизнес сифатида тавсифлади, чунки бундай маҳсулотлар бир неча йил давомида сақланиши мумкин ва бу хавф-хатарларни камайтиради.

Мисол тариқасида, у ҳар йили Россия бозоридаги музлатилган брокколи ва гулкарам маҳсулотларининг 90 фоизини таъминлаётган Миср давлатини келтирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг