Ўзбекистон ва Хитой биофармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой давлатига амалга оширилаётган хизмат сафарининг навбатдаги кунида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг делегацияси бир қатор манфаатли учрашувларни амалга оширди.
Тяньцзинь фан ва технология Университети Илмий-технологик парки (Science and Technology Park of Tianjin University of Science and Technology) раҳбарияти билан учрашилди. Музокаралар чоғида илмий-технологик паркни ривожлантириш тажрибаси, стартапларни қўллаб-қувватлаш, илм-фан натижаларини тижоратлаштириш ва саноат ечимлари яратишга оид масалалар муҳокама этилди.
Кун давомида делегация Tianjin International Joint Academy of Biomedicine муассасасига ташриф буюрди. Мазкур академия — Хитойдаги етакчи биофармацевтик тадқиқот марказларидан бири ҳисобланади. Томонлар биофармацевтика ва биотехнологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, инновацион лойиҳалар ва илмий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашди. Академия раҳбарияти яқин келажакда Ўзбекистонга ташриф буюриш ниятини билдирди.
Сафар доирасидаги навбатдаги учрашув инновацион вакциналар ишлаб чиқишга ихтисослашган CanSino Biologics компанияси билан бўлиб ўтди. Компания вакиллари ўзининг илғор биотехнологик ечимлари ва халқаро бозордаги муваффақиятли фаолияти билан таништирди. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.