Ўзбекистон ва СEСС электрон саноатини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг электроника савдо-саноат палатаси (China Electronic Chamber of Commerce) президенти Ван Нин билан учрашув бўлиб ўтди.
«Ўзелтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов СEСС президенти Ван Нин билан учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида электроника ва электротехника саноати йўналишида ҳамкорликни чуқурлаштириш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, технологик трансфер, инвестиция ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
СEСС вакиллари Ўзбекистоннинг саноат салоҳияти, электроника соҳасидаги жадал ўсиш суръатлари ва халқаро ҳамкорликка очиқлигини юксак баҳолади. Томонлар ўзаро ахборот алмашинуви ва амалий лойиҳалар бўйича Ишчи гуруҳ тузиш ташаббусини илгари сурдилар.
Мазкур учрашув икки мамлакат ўртасида юқори технологияларга асосланган Ўзбекистоннинг глобал электроника занжирига фаол интеграциясини янада жадаллаштиради.