Ўзбекистон ва Россия сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича икки йиллик йўл харитасини ишлаб чиқади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “МДҲ мамлакатларида сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш” халқаро форуми доирасида Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари О. Пекос ва Россия Федерацияси Рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари Г. Борисенко ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида томонлар сунъий интеллект (АИ) соҳасида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, илғор тажриба ва инновацион ёндашувларни алмашиш, шунингдек, икки мамлакатнинг рақамли трансформация йўналишидаги стратегик мақсадлари бўйича фикр алмашдилар.
Музокаралар натижасида томонлар яқин икки йил учун мўлжалланган ҳамкорлик йўл харитасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Ушбу ҳужжат икки давлат ўртасида сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш ва ривожлантириш бўйича амалий қадамларни белгилаб беради.
Шунингдек, томонлар сунъий интеллект соҳасида илмий тадқиқотлар, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирдилар.