Валюта курслари 01/08/2025
$1 – 12692.42
UZS – 0.8%
€1 – 14511.24
UZS – -0.24%
₽1 – 158.44
UZS – 3.0%
Қидириш
Иқтисод 02/08/2025 Ўзбекистон ва Покистон чарм саноати соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда

Ўзбекистон ва Покистон чарм саноати соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Покистон чарм саноати вакилларининг Ўзбекистонга амалга оширган ишбилармонлик ташрифи доирасида делегация аъзолари Тошкент вилоятида жойлашган йирик чарм саноати корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. Жумладан, улар “Angrencha Charm Invest” ва “Hamkor Nur Savdo” масъулияти чекланган жамиятларига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёнлари, мавжуд инфратузилма, хомашё базаси ҳамда экспорт имкониятлари билан танишдилар.

Мазкур ташриф икки мамлакат чарм саноати вакиллари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, янги шериклик механизмларини йўлга қўйиш ҳамда қўшма лойиҳалар устида иш олиб бориш бўйича амалий қадамлардан бири бўлди. Ташриф давомида асосий эътибор чарм хомашёсининг халқаро савдоси, хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган йирик шохли қорамол терисини Покистонга экспорт қилиш масаласига қаратилди. Музокараларда Покистон томони ушбу маҳсулотга доимий эҳтиёж мавжудлигини, уни саноат қайта ишлашда кенг қўлланиши, сифати эса халқаро стандартларга жавоб беришини таъкидлади.

Ушбу йўналишда дастлабки музокаралар бошланган бўлиб, томонлар ҳажм, етказиб бериш муддатлари, логистика ва божхона масалаларини чуқурроқ ўрганишга келишиб олдилар.

 Делегация “Angrencha Charm Invest” корхонасида олиб борилаётган ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирди, мавжуд қувватлар, технологик линиялар ва маҳсулот турлари билан танишди. Ташриф якунида корхона раҳбарияти билан чармни чуқур қайта ишлаш, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, сўнгра уни Покистон ҳамда учинчи давлатларга экспорт қилиш бўйича қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Томонлар франчайзинг модели асосидаги ҳамкорлик имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар. Бу модель орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Покистон бренди остида халқаро бозорларга чиқарилиши мумкин.

Покистон ва Ўзбекистон чарм саноати ўртасида шаклланаётган янги ҳамкорлик модели ўзаро манфаатли ва стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон — сифатли хомашё ва саноат инфратузилмасига эга бўлган ишлаб чиқариш базаси сифатида, Покистон эса кенг тажрибага эга экспортчи давлат сифатида бир-бирини тўлдиради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг