Ўзбекистон ва KOICA давлат хизматчиларини рақамли тайёрлаш лойиҳасини бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда давлат хизматчилари малакасини рақамли трансформация соҳасида ошириш бўйича дастур амалга оширила бошлади.
Лойиҳа 2025–2027 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, у рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Унинг доирасида вазирлик ва унга қарашли тузилмаларнинг 45 нафар ходими Корея Республикасида босқичма-босқич ўқитилади. Улар учун икки ҳафталик малака ошириш курслари ташкил этилади.
Дастур рақамли ривожланишнинг асосий йўналишларини қамраб олади — электрон ҳукумат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, сунъий интеллект орқали давлат хизматларини оптималлаштириш, ижтимоий инновацияларни илгари суриш ва очиқ маълумотлар билан ишлашда Корея тажрибасини ўрганиш.
Ушбу лойиҳа давлат хизмати салоҳиятини мустаҳкамлаш ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифати ошишида муҳим қадам бўлади.