Ўзбекистон ва KfW ImpexBank транспорт соҳасида қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 август куни Транспорт вазири Илҳом Махкамов “KfW ImpexBank”нинг Бизнесни ривожлантириш бўйича директори, Шарқий Европа, Марказий Осиё, Жанубий Кавказ бўлими раҳбари Екатерина Галитсина, банкининг “Mobility Land-Based Transportation” йўналиши директори Силвия Седлачек билан бўлиб ўтган учрашувда транспорт соҳасидаги истиқболли лойиҳалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикасида транспорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар муҳокама этилди. Жумладан, Европанинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан махсус йўл техникасини харид қилиш ҳамда халқаро ва минтақавий аэропортлар инфратузилмасини модернизация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мамлакатнинг замонавий транспорт инфратузилмасини шакллантириш ва ривожлантиришга доир қатор ташаббуслар кўриб чиқилди. Учрашувда миллий транспорт стратегиясини ишлаб чиқиш, юк ташиш соҳасида замонавий ечимларни жорий этиш, хусусан, контейнерда ташувларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида логистика марказларини ташкил этиш ва ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Музокаралар якунида томонлар транспорт ва логистика йўналишидаги устувор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олишди.