Ўзбекистон ва K-Water сув хўжалигини ривожлантириш ва рақамли технологияларни жорий этишни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева бошчилигидаги масъуллар Жанубий Кореянинг сув ресурслари соҳасидаги етакчи ташкилоти — «K-Water» компанияси Глобал ҳамкорлик департаменти директори Ёнгдеок Чо билан учрашди.
Маълумки, «K-Water» – Кореяда сув омборлари ва каналлар қуриш, сув ресурсларини бошқариш, ёғингарчилик сувидан фойдаланиш, ичимлик суви таъминоти, илмий тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлаш бўйича йирик тажрибага эга компания ҳисобланади.
Учрашув чоғида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолининг ичимлик ва оқова сув хизмати билан қамраб олиш кўламлари ортиб бораётгани, шу билан бирга соҳадаги муаммоларни ҳал этишда халқаро тажриба ва шериклик алоқаларининг ўрни катта экани таъкидланди.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлди:
Кадрлар салоҳиятини ошириш: Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонига асосан ташкил этилган “Компетенцияни ривожлантириш институти” базасида «K-Water» академияси тажрибаси асосида махсус таълим йўналишларини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Ортиқча сув йўқотишларни камайтириш ва соҳани рақамлаштириш: Сув таъминоти тизимида йўқотишларни аниқ ҳисобга олиш ва самарали рақамли назоратни жорий этиш борасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама этилди.
Осиё сув кенгаши билан алоқаларни мустаҳкамлаш: «K-Water»нинг ушбу халқаро платформадаги фаол иштирокини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томони ҳам кенгашга аъзо сифатида қўшилиш таклифини билдирди.
— Шубҳасиз, «K-Water» билан самарали ҳамкорлик орқали соҳани тубдан ривожлантириш ва аҳоли розилигини таъминлашга эришамиз, — деди Озода Жўраева.
Учрашув якунида келгусидаги манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, билим ва тажриба алмашишни кенгайтириш мақсадида ҳужжатлар алмашиш ҳамда меморандум имзолаш имкониятлари муҳокама қилинди.