Ўзбекистон ва Иордания ўртасида имтиёзли савдо битими тайёрланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бошчилигидаги делегация Иордания Ҳашимитлар Қироллигига расмий ташриф доирасида бир қатор учрашувлар ўтказди. Музокаралар Иордания инвестициялар вазири доктор Ториқ Абу Газале билан учрашувдан бошланди. Томонлар инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда қулай бизнес муҳитини яратиш бўйича тажриба алмашдикар.
Кейинги учрашув Иордания саноат, савдо ва таъминот вазири Яруб Кудах билан бўлиб ўтди. Унда савдо ҳажмини ошириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида бевосита алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Саноат кооперацияси ва экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба алмашиш масалалари алоҳида эътиборга молик бўлди. Учрашувнинг асосий натижаси сифатида икки давлат ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини тайёрлашга келишиб олинди.
Ташриф дастурида, шунингдек, Иордания рақамли иқтисодиёт ва тадбиркорлик вазири Сами Смейрат, Қирол Хусайн номидаги бизнес-парки бош директори Аммар Иззиддин, Иордания Саноат палатаси раиси муҳандис Фатхий Жагбир, шунингдек, мамлакатнинг етакчи компаниялари — Натионал Араб Мининг Сомпанй, Зарҳат Сомпанй, Араб Пестисидес анд Ветеринарй Другс Мануфастуринг Сомпанй, Жордан Пҳоспҳате Минес Сомпанй, Гров Теч, Слассис Фашион Аппарел Индустрй ва бошқа корхоналар раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.
Кун якунида Иордания Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ҳамда фармацевтика, кимё, тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи 20 дан ортиқ компаниялар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Иордания ишбилармон доиралари Ўзбекистон инвестиция муҳити амалий жиҳатлари билан батафсил таништирилди, истиқболли тайёр лойиҳа таклифлари тақдим этилди ва қўшма ҳамкорлик учун аниқ лойиҳалар келишиб олинди. Делегациянинг ташрифи давом этмоқда.