Ўзбекистон ва Германия соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Cоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ф.Ташпулатов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон – Германия Ҳукуматлараро қўшма комиссияси йиғилиши доирасида ушбу мамлакатда бўлди.
Сафар давомида вакилларимиз Германиянинг етакчи компания ва ташкилот раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Дастлаб “DZ Bank” бошқарув кенгаши аъзоси Йохен Антон-Бойк ва Ральф Лерх билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда юртимиз соғлиқни сақлаш соҳасига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида молиявий кўмакдош сифатида ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.
Якунда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “DZ Bank” ўртасида потенциал лойиҳаларни имтиёзлар доирасида молиялаштириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шундан сўнг “Опаско” компанияси раҳбари Алексей Свердлов ва “Siemens Healthineers” масъул ходими Себастьян билан қатор қўшма лойиҳалар юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Ҳамкорлик йўналишлари қуйидагилардан иборат:
Лойиҳалар доирасида олиб келинган тиббий жиҳозлар билан ишловчи ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш, тиббиёт муассасаларида қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш;
SIEMENS тиббий жиҳозларига узлуксиз кафолатланган техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш;
SIEMENS компанияси билан ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонда компания техник хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш.
“AKA Bank” компанияси бошқарувчиси Маттиас Витброк билан ўтган учрашувда эса мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ҳақида батафсил маълумот берилиб, якунда ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Бундан ташқари, “German Development KfW Bank”нинг Осиё давлатларини саломатлик ва ижтимоий ҳимоялаш миссияси раҳбари Мартина Кох, “KfW bank” лойиҳалари бўйича тендер/харид жараёнларига масъул эксперт-мутахассис Aлександр Чеппикнап ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Шарқий Болқон, Марказий Осиё ва Ғарбий Европа бўйича миссияси раҳбари Даниэль Пассон бошчилигидаги экспертлар гуруҳи билан ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳалар юзасидан мулоқотлар ташкил этилди.
Шунингдек, “Drager” концернининг ҳудудий директори Юлий Нагель, “Мангольд консалтинг” ва “BINZ” компаниялари раҳбарияти билан учрашувларда юртимизда тиббий ускуналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.