Валюта курслари 08/08/2025
$1 – 12593.77
UZS – 0.73%
€1 – 14698.19
UZS – 1.47%
₽1 – 158.49
UZS – 1.64%
Қидириш
Ўзбекистон 09/08/2025 Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги сохта табиблар сони ортиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги сохта табиблар сони ортиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни соғлиқ ва ҳаёт учун жиддий хавф туғдирадиган сохта табибларга мурожаат қилмасликка чақирди.

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан халқ табобатини ривожлантириш, соҳани замонавий соғлиқни сақлаш тизимига изчил интеграциялаш, бу йўналишда мутахассислар малакасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Натижада бугун мамлакатимизда 150 та тадбиркорлик субъекти тегишли лицензия асосида халқ табобати йўналишида самарали фаолият юритиб келяпти.

Бироқ яратиб берилган ушбу имкониятларга қарамай, кейинги пайтларда тегишли ҳуқуққа эга бўлмасдан, рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш билан шуғулланаётган ҳамда бу орқали инсонлар соғлиги ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётган сохта табиблар сони кўпайиб боряпти.

Энг ёмони, хасталиклардан тез, осон, асоратсиз, муҳими, табиий усул билан ва уй шароитида халос бўлишни истаган юртдошларимиз “ғайритабиий қобилиятларга эга”лигини иддао қилаётган, турли йўллар орқали одамлар ишончига кириб, ҳеч қандай тасдиқланмаган ҳамда тегишли синовлардан ўтмаган “хизмат”ларни таклиф этаётган бундай кимсаларга алданиб қолмоқда.

Айниқса, ижтимоий тармоқлар бу каби шубҳали хизматларни кенг тарғиб қилувчи платформага айланиб бораётгани, уларнинг асосий аудиторияси ҳам, мижозлари ҳам оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқароларимиз бўлаётгани афсусланарлидир.

Ижтимоий тармоқларда сохта табиблик билан шуғулланиб, ўзини реклама қилаётган ҳолатлар ва қўлланилаётган муолажа усуллари далилларга асосланган тиббиётнинг даволаш услубларига кирмайди.

Бундай сохта усуллар белгиланган диагностика ва даволаш миллий клиник протоколлари ҳамда стандартларига мутлақо мувофиқ эмас.

Қолаверса, юқоридаги муолажалар билан шуғулланаётган шахсларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фаолият юритишлари учун ҳеч қандай лицензия берилмаган.

2024 йилда лицензиясиз тиббий фаолият юритганлиги учун 38 та юридик шахснинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида, 2025 йилнинг 1 июль ҳолатига эса 24 та юридик шахс молиявий жаримага тортилган.

Бугунги кунда юртимизда сохта табиблик фаолиятига чек қўйиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика халқ табобати илмий-амалий маркази томонидан мунтазам равишда ўқув-семинарлар ҳамда профилактик тадбирлар ўтказиб борилмоқда.

Вазирлик фуқароларни ҳушёр бўлишга, шубҳали усулларга ишонмасликка ва ўз соғлиги ҳамда яқинларининг соғлигини хавф остига қўймасликка чақирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг