Ўзбекистон Президенти минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарликка доир махсус тадбирда иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланган махсус тадбирда иштирок этди.
Тадбирда Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси - Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Қасималиев, Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов, шунингдек, расмий делегациялар аъзолари ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, Тошкент шаҳрида бўлажак Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарликнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг ушбу форматдаги раислиги доирасида биргаликда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Хусусан, йил бошида Раислик концепцияси ва Қўшма тадбирлар режаси қабул қилинди.
Хавфсизлик кенгашлари котиблари, махсус хизматлар раҳбарлари, саноат, энергетика, сув хўжалиги ва экология вазирларининг учрашувлари, медиа ва ёшлар форумлари ўтказилди.
Йил якунига қадар парламентлараро форум, мудофаа, савдо ва транспорт вазирларининг учрашувлари, маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Минтақавий шерикликнинг янги кун тартибини шакллантириш ва унинг норматив-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида учрашувнинг концептуал ҳужжатлари тайёрланмоқда.
Тошкент саммити доирасида Ўзбекистон томони сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, иқтисодий кооперациянинг янги драйверларини ишга тушириш, чегараолди савдони кўпайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари суриш ниятида экани таъкидланди. Сув ва энергетика соҳаларида, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кенгайтириш ҳамда иқлим ўзгариши бўйича амалий ҳамкорлик масалалари диққат марказида бўлади.
Озарбайжон томонининг учрашувларда иштирок этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда минтақа давлатлари Озарбайжон билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Савдо, транспорт, "яшил" энергетика соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро мувофиқлаштирилган ва келишилган ёндашувлари минтақада тараққиёт ва фаровонлик мақсадларига эришишга хизмат қилишига ишонч билдирди.
#Шавкат Мирзиёев