Валюта курслари 08/08/2025
$1 – 12593.77
UZS – 0.73%
€1 – 14698.19
UZS – 1.47%
₽1 – 158.49
UZS – 1.64%
Қидириш
Ўзбекистон 08/08/2025 Ўзбекистон олий ўқув юртларида кадрлар тайёрлаш кўлами кенгаймоқда, аммо кадрлар корхоналар эҳтиёжларини қондирмаяпти – Президент

Ўзбекистон олий ўқув юртларида кадрлар тайёрлаш кўлами кенгаймоқда, аммо кадрлар корхоналар эҳтиёжларини қондирмаяпти – Президент

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олийгоҳлар битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича кенгайтирилган йиғилиш бошланди.

Охирги 7 йилда олий таълимда қабул 4,5 баробар ошиб, қамров 42 фоизга етган бўлсада, кадрлар тайёрлаш тизими реал эҳтиёжга мос эмаслиги қайд этилди.

Мисол учун, йилига 20 минг автомобиль чиқараётган “BYD” заводида 100 та бўш иш ўрни бор. Шунинг тўртдан бири – робототехника ва бўёқлаш, роботларни дастурлаш муҳандислари.

Заводда кадр етишмаётгани учун хориждан 80 нафар мутахассис келиб ишламоқда. Завод 4-5 йилда тўлиқ қувватга ўтиб, йилига 500 минг автомобиль чиқаришни бошласа, 4 минг нафар олий малакали кадрлар керак бўлади.

“Бу – битта лойиҳа бўйича ҳисоб-китоблар. Яқин 3-4 йилда ишга тушадиган 83 миллиард долларлик йирик лойиҳалар ҳисобига саноатни ўзида 500 мингга яқин кадр зарур”, - деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда олийгоҳлар тайёрлаётган кадрлар билан иш берувчиларнинг талаби ўртасида фарқ катта экани кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, енгил саноатнинг ўзида 4 минг нафар олий тоифали кадрларга эҳтиёж бор.

Бу йўналишда йилига ўртача 2,5 минг талаба битиргани билан, улар корхоналардаги замонавий ускуналарда ишлашни билмагани учун 42 фоизи ишга жойлаша олмаяпти. Оқибатда тадбиркорлар четдан тайёр мутахассис жалб қилишга мажбур бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари ишга жойлашишни ҳисоб-китоб қилишдаги камчиликларни танқид қилди. 

Бу йилги 231 минг олийгоҳ битирувчисидан 125 минги иш топди, деб ҳисобот берилаётгани билан ишли бўлганларнинг 42 минги ўзини ўзи банд қилгани аниқланган.

Ҳар бир талабани олийгоҳда ўқитиб, мутахассис қилиб тайёрлаш учун давлат йилига 25-30 миллион сўм сарфламоқда.

Лекин, тўрт йил олийгоҳда ўқиб, диплом олган ёшларнинг ярмидан кўпи кам малака талаб этадиган ишларда банд.

Қирқта олийгоҳга молиявий мустақиллик берилгани бугун ўз самарасини бергани таъкидланди.

Масалан, иқтисодиёт, юридик, тиббиёт, тиллар ва педагогика йўналишидаги олийгоҳларнинг етарли маблағи бор. Лекин энг долзарб бўлиб турган қишлоқ хўжалиги, ветеринария, муҳандислик, аниқ ва табиий фанлар (STEM) йўналишидаги айрим олийгоҳлар даромад топишга ўрганмаётгани, ёшлар учун жозибадор эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз “тармоқ-корхона-олийгоҳ” занжирини йўлга қўйишни жадаллаштириш зарурлиги қайд этди. 

Бу борада 25 та муҳандислик олийгоҳи ҳамкор корхоналарда 438 та кафедра очди. Масалан, нефть-газ тармоғи таълим-ишлаб чиқариш кластерларини ташкил қилди. Бухоро техника университети эса нефть-газдан ташқари яна 10 та корхонада 20 та кафедра филиали фаолиятини йўлга қўйди.

Бухоро вилоятида яқин йилларда йирик газ-кимё мажмуаси ишга тушиши кутилмоқда. Хорижий компаниялар томонидан Устюртдаги янги лойиҳалар бўйича ишлар бошланган.

Президентимиз бу қувватларга мутахассислар қаерда тайёрланади, илмий изланишлар ким томонидан олиб борилади, деган саволларга ҳозирдан жавоб топиш кераклигини таъкидлади.

Таҳлиллар кўрсатганидек, бюрократия сабаб хусусий сектор бўш ўринларни кўрсатишдан манфаатдор эмас.

Шу боис, олийгоҳ битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича хусусий сектор учун маъқул келадиган тизим яратилиши белгиланди. 

Бунинг учун Тадбиркорлар рейтингида алоҳида кўрсаткич қўшилади.

Бунда тадбиркорлар ўзидаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни мутахассислик йўналиши билан киритади.

Платформага олийгоҳлар ҳам уланиб, олийгоҳнинг “карьера маркази” битирувчини бўш ўрни бор корхона билан боғлаб беради.

Энг муҳими, битирувчини ишга олганлик учун тадбиркорга қўшимча балл берилади.

Битирувчисини ярмидан кўпини ишга жойлаган “карьера маркази”га олийгоҳ жамғармасидан 500 миллион сўм мукофот берилади.

Давлатимиз раҳбари ректорлар ваколатини кенгайтириш ва масъулиятини ошириш бўйича янги тизим жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.

Эндиликда, “Янги Ўзбекистон” университетининг баҳолаш тизими олийгоҳларда ҳам йўлга қўйилади.

Молиялаштириш олийгоҳлар тўплаган балларига қараб амалга оширилади.

Олийгоҳларга битирувчилар бандлигига қараб – 40 балл, илмий тадқиқотлар учун тармоқ буюртмаси ва маҳсулотини сотишига қараб – 30 балл, илмий салоҳияти, тан олинган халқаро журналлардаги мақолалари учун – 20 балл; тадқиқотлар учун жалб қилган маҳаллий ва хорижий грант учун 10 баллгача берилади.

Масалан, Қарши техника университети жами балларнинг 85 фоизини тўпласа, бу йилги бюджетдан берилаётган 78 миллиард сўмга қўшимча 20 фоизлик бонус берилади. Агар 56 фоиздан кам тўпласа, кейинги ўқув йилига молиялаштириш қисқаради.

Миллий университет, Ирригация каби илмий олийгоҳлар, Маданият ва санъат, Консерватория каби ижтимоий олийгоҳларни техника йўналишидаги амалий олийгоҳлар билан тенглаштириб бўлмаслиги қайд этилди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга рейтинг мезонларини ишлаб чиқишда буни ҳам ҳисобга олиш топширилди.

Бундан буён битирувчиларни ишга жойлашда ўзини ўзи банд қилганлик инобатга олинмаслиги белгиланди.

“Янги Ўзбекистон” университетида ректорлар мактаби орқали ректор ва проректорликка номзодлар мақсадли тайёрланади.

Ўқув курсида энг яхши натижа кўрсатган ректорликка номзодлар малака ошириш учун Гарвард университетига юборилади.

Кўп масалаларда ректорларга мустақиллик берилади. Аввало, барча олийгоҳлар ташкилий ва академик мустақил бўлади.

Яъни, ректор ўринбосарларини ўзи тайинлайди (амалдаги тартибга кўра, вазирлик билан келишиш керак).

Бунда ҳар бир номзод олийгоҳ кенгашида ўзининг йиллик дастурини ҳимоя қилади.

Ректорлар белгиланган молиялаштириш ва штати доирасида профессор-ўқитувчилар ва бошқарув ходимларини ўзи тақсимлайди.

Бундан ташқари, ректорларга “супер” контракт суммасини табақалашган ҳолда белгилаш ваколати берилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР