Ўзбекистон Иқтисодиёт вазири ўринбосари ХВЖ билан иқлимий молиявий рискларни баҳолашни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) делегацияси билан учрашди.
Делегация таркибида ХВЖ ҳузуридаги давлат молиясини бошқариш ва фискал хатарлар бўйича минтақавий маслаҳатчи Янник Вел, ХВЖ ҳузуридаги иқлим ўзгариши соҳасида давлат молиясини бошқариш масалалари бўйича маслаҳатчи Симона Пожар ҳамда ХВЖ эксперти Жиёти Раҳмон қатнашди.
Ўзбекистон томонидан учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Иқтисодий ўсишни таҳлил қилиш ва прогнозлаш ҳамда монетар, фискал ва ташқи савдо сиёсатларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш департаменти директори Абдумалик Жалилов, Яшил иқтисодиётга ўтиш ва ривожлантиришни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Шохзод Исламов ҳамда вазирлик ходимлари иштирок этди.
Учрашувда иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган макроиқтисодий ва фискал хатарларни баҳолаш учун Q-CRAFT (Quantitative Climate Risk Assessment Fiscal Tool) моделини қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу воситадан фойдаланиш узоқ муддатли истиқболда иқлим ўзгаришининг турли сценарийларда асосий макроиқтисодий ва фискал кўрсаткичларга, жумладан, ялпи ички маҳсулот, буджет тақчиллиги ва давлат қарзига таъсирини таҳлил қилиш имконини бериши таъкидланди.
Учрашув якунида вазирлик мутахассислари учун Q-CRAFT модели билан ишлаш ва уни таҳлилий фаолиятда қўллашга бағишланган бир ҳафталик қўшма семинар-тренинг ўтказилиши маълум қилинди.