Валюта курслари 07/08/2025
$1 – 12502.99
UZS – -0.17%
€1 – 14484.71
UZS – 0.2%
₽1 – 155.94
UZS – -0.38%
Қидириш
Ўзбекистон 08/07/2025 Ўзбекистон илк бор «WSIS+20» саммитида: Медиа салоҳияти ва рақамли тараққиёт йўлида

Ўзбекистон илк бор «WSIS+20» саммитида: Медиа салоҳияти ва рақамли тараққиёт йўлида

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 7-11 июль кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган «WSIS+20» саммитида Прогрессив ислоҳотлар маркази (ПИМ) вакиллари иштирок этмоқда. «WSIS+20»– Ахборот жамияти бўйича Бутунжаҳон саммити — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида ўтказиладиган, рақамли ривожланиш, АКТ сиёсатидаги ютуқлар ва инклюзив мулоқотни илгари суришга қаратилган глобал платформадир. 2025 йилги форум «WSIS+20» ташаббусининг 20 йиллигига бағишланган бўлиб, дунё миқёсидаги ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар ва хусусий сектор вакилларини бирлаштирмоқда.

Мазкур саммитда илк бор жорий йилнинг 10 июль куни Прогрессив ислоҳотлар маркази томонидан “Ўзбекистонда медиа ва АКТни ривожлантириш: Рақамли инклюзия ва инфратузилмани кучайтириш” мавзусида махсус панель сессияси ташкил этилади. Сессияда юртимизда рақамлаштириш соҳасидаги ютуқлар, кучли ахборот жамиятини шакллантириш ҳамда Ўзбекистоннинг бу борадаги миллий тажрибаси муҳокама қилинади. ПИМ директори Миршоҳид Асланов, ПИМ маркази директор ўринбосари Қадамбай Султанов ва “Digital Generation Uzbekistan” координатори Умматой Юлдашева ушбу панель сессиясида ўз тақдимоти билан иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда инсон манфаатларига йўналтирилган электрон бошқарув тизимини жорий этиш, рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилади. Аҳолининг барча қатламлари учун рақамли инфратузилманинг очиқлиги ва қулайлигини таъминлаш, шунингдек, ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатловчи инклюзив ва ишончли медиа экотизимини шакллантириш йўналишидаги ташаббурлар муҳокама қилинди. Шунингдек, ташаббусли бюджетлаштириш, электрон петициялар каби рақамли воситаларнинг давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга қўшаётган ҳиссаси алоҳида таъкидланди.

Прогрессив ислоҳотлар маркази директори Миршоҳид Асланов таъкидлашича: “Ислоҳотлар йўлидан кетаётган Ўзбекистон каби мамлакатлар учун фуқаролик жамиятининг глобал майдонда ўз позициясини билдира олиши ниҳоятда муҳим. «WSIS+20» сингари халқаро платформалар мустақил институтларга тажриба алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва рақамли ўзгаришларни шаффоф ва инклюзив тарзда олиб бориш имконини беради.”

ПИМ вакилларининг «WSIS+20» саммитидаги иштироки Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг глобал рақамли сиёсатдаги фаоллигини акс этади. Марказ ўзининг тадқиқотларга асосланган ёндашуви орқали халқаро мулоқотга қўшилмоқда ва келажакка тайёр, адолатли рақамли тизимларни яратишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг