Ўзбекистон Фармацевтика ривожланиш агентлиги Хитойнинг биофармацевтика ва тиббий маҳсулотларни рўйхатга олиш борасидаги тажрибасини ўрганди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойга амалга оширилган ишчи сафари доирасида Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги делегацияси Ўзбекистон фармацевтика соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инвестицияларни жалб этишга қаратилган бир қатор муҳим учрашувлар ўтказди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегацияси дастлаб БРИКС мамлакатларидаги махсус иқтисодий зоналар бўйича ҳамкорлик марказига ташриф буюрди. Учрашувда марказ фаолияти, резидентлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишилди. Агентлик директори Абдулла Азизов Tashkent Pharma Park лойиҳаси, инвесторлар учун имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида маълумот берди. Томонлар марказ ишчи гуруҳининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, фармацевтика соҳасида қўшма лойиҳалар ва инвесторларни жалб этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Делегация Ханчжоу шаҳридаги Хитойнинг энг йирик биофармацевтика марказларидан бири — China Biopharma Town фаолияти билан танишди. Бу ерда илмий тадқиқотлар, клиник синовлар учун яратилган шароитлар ва ишлаб чиқариш учун яратилган замонавий инфратузилма ўрганилди.
Hangzhou Jiuyuan Gene Engineering компаниясида ҳам учрашув ўтказилиб, Tashkent Pharma Park тақдимоти ўтказилди. Хитой томон лаборатория ва технологияларини яқиндан таништиришди. Музокараларда икки томонлама ҳамкорлик, стандартларни ўзаро тан олиш ва Ўзбекистонда semaglutide biosimilars ишлаб чиқариш истиқболлари муҳокама қилинди.
Навбатдаги учрашув — Zhejiang Institute for Medical Device Testing раҳбарияти билан бўлиб ўтди. Бу ерда Хитойнинг миллий тиббий рўйхатга олиш тизими, оптик технологиялар соҳасидаги махсус ихтисослашган тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш тажрибаси билан танишилди. Томонлар тиббий буюмлар ишлаб чиқаршни тартибга солиш соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.