Ўзбекистон экспортчилари сўмнинг кучайишига қарши чиқиб, уни заифлаштириш орқали экспортни қўллаб-қувватлашни сўрадилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 4 август куни Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган экспортчи корхоналар билан очиқ мулоқот чоғида ўзбек экспортчилари миллий валютанинг мустаҳкамланиши улар учун жиддий муаммолар туғдираётганини билдириб, сўмни заифлаштириш зарурлигини таъкидладилар.
«Экспортни ривожлантириш учун фақат солиқ ва бошқа имтиёзлар билан чекланмаслик керак. Менимча, Марказий банк доллар курсини ушлаб туришни тўхтатиши лозим», — деди тўқимачилик компанияси вакили.
Унинг сўзларига кўра, миллий валютадаги харажатларнинг ўсиши ва доллар курсининг тушиши бизнес учун жиддий қийинчиликлар келтириб чиқармоқда. У қайд этишича, тўқимачилик маҳсулотлари экспортда Ўзбекистон компаниялари Хитой, Бангладеш ва Миср билан таннарх бўйича рақобатлашмоқда. «Агар доллар курсини қўйиб юборсалар, экспортчиларнинг муаммоларининг 70–80 фоизи ҳал бўлади», — деди тадбиркор.
Марказий банк раисининг ўринбосари Аюбхон Камалов эса жавобан, регулятор валюта курси шаклланишига аралашмаслигини маълум қилди.
«Охирги 2–3 ойда доллар қатиқ ошиб-тушяпти. Қачон тушса, ҳамма саросимага тушади: нега тушяпти? Қачон кўтарилса, нега кўтариляпти, деб сўрашади. Илтимос, биржа бор — истаганча сотинг-олинг», — деди у ва валюта билан исталган ҳажмда операциялар амалга ошириш учун ЎзРВБ имкониятларидан фойдаланишни таклиф этди.
Камалов тадбиркорларга доллар бўйича ўз таклифларини шакллантириб, муҳокама учун тақдим этишни тавсия қилди.
Учрашув давомида Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов керакли деб ҳисобланган доллар курсини 16–17 минг сўм миқдорида белгилади.