Валюта курслари 05/08/2025
$1 – 12621.29
UZS – -0.82%
€1 – 14596.52
UZS – 0.61%
₽1 – 158.44
UZS – -0.13%
Қидириш
Иқтисод 05/08/2025 Ўзбекистон делегациясининг Латвия ва Литвага ташрифи Ригадаги ишчи учрашувлар билан бошланди

Ўзбекистон делегациясининг Латвия ва Литвага ташрифи Ригадаги ишчи учрашувлар билан бошланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов раҳбарлигидаги делегация Латвия ва Литвага амалга оширилаётган хизмат сафари доирасида ўз ташрифини Рига шаҳрида бошлади.

Ташрифнинг дастлабки қисмида делегация Европадаги энг йирик савдо инфратузилма объектларидан бири ҳисобланган Рига марказий бозори фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур бозор замонавий логистика, юқори самарадор сақлаш тизимлари ва маҳсулотларни қайта ишлаш инфратузилмаси билан ажралиб туради.

Учрашувда бозорнинг умумий савдо салоҳияти ва бошқарув тизими, мева-сабзавот маҳсулотлари учун замонавий омборхоналар инфратузилмаси, дуккакли маҳсулотларни сақлашга ихтисослаштирилган майдонлар, шунингдек, маҳсулотларни саралаш, қадоқлаш ва таъминот занжиридаги жараёнлар бўйича амалий тажриба ўрганилди.

Шунингдек, Рига шаҳрида икки давлат тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ташкил этилиши режалаштирилган. Унда тўғридан-тўғри мулоқот, ҳамкорлик имкониятлари ва инвестиция лойиҳалари юзасидан музокаралар ўтказилади.

Ташрифнинг иккинчи қисми Литвада давом этади. Вильнюс шаҳрида Ўзбекистон-Литва ишбилармонлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади, унда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг