Ўзбекистон БМТга ўрмон ташаббусларини тақдим этди
Ўзбекистон БМТга ўрмон ташаббусларини тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Ўрмонлар бўйича форумининг 21-сессиясида қатнашди. Форумда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ҳам иштирок этди.
Форум ишида БМТга аъзо давлатлар делегациялари, вазирлар, соҳага оид агентликлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, экологик конвенцияларнинг ижрочи директорлари қатнашди. Тадбир давомида глобал ўрмон сиёсатининг устувор йўналишлари, жумладан, БМТнинг Ўрмонлар бўйича стратегик режасини амалга ошириш, “Глобал ўрмонлар ҳисоботи – 2026”ни тайёрлаш, шу билан бирга, ўрмон секторини иқлим ва сув кун тартибига интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Азиз Абдуҳакимов чўлланиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ўрмонларнинг муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, Орол денгизи фожиасига алоҳида тўхталди. Унга кўра, денгизнинг қуриган ҳудуди Оролқум чўлига айланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида сўнгги беш йил давомида мамлакатда 1 миллиарддан ортиқ дарахт экилгани, кўкаламзорлаштириш даражаси эса 8 фоиздан 14 фоизга ошгани қайд этилди. Мазкур кўрсаткични 2030 йилга бориб 30 фоизга етказиш режалаштирилган.
Форумда Ўзбекистон ва Конго Республикаси томонидан илгари сурилган 2027–2036 йилларни БМТ шафелигида “Ўрмон барпо этиш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди.
Амалий чора-тадбирлар сифатида ўрмон барпо этиш бўйича Глобал йўл харитасини ишлаб чиқиш, чўлланишга қарши курашда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, қурғоқчиликка чидамли дарахт ва ўсимлик турларини тарғиб қилиш, шунингдек, чанг ва қум бўронлари ҳақида эрта огоҳлантириш тизимларини яратиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларининг 2035 йилгача 1,5 миллион гектар майдонда трансчегаравий ўрмонлар барпо этишни назарда тутувчи “Яшил қалқон” минтақавий ташаббуси ҳам тақдим этилди.
Форум доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда махсус сайд-ивент ҳам ташкил этилди. Тадбир ўрмонларни тиклаш, сув хавфсизлигини таъминлаш ва иқлим барқарорлигини ошириш учун табиатга асосланган ечимларни илгари суришга бағишланди.
Сайд-ивент давомида халқаро ҳамкорларга Ўзбекистонда кўкаламзорлаштириш, ўрмон мелиорацияси ва деградацияга учраган ерларни тиклаш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари тақдим этилди. Хусусан, “Яшил макон” лойиҳасининг кенг кўламда амалга оширилиши, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этилиши, шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашишнинг замонавий механизмларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон”, «Биомерос», “Тоза ҳаво”, “Чиқиндидан холи ҳудуд” ва “Экологик маданият” миллий дастурлари деградацияга учраган ерларни тиклаш, чўлланишга қарши курашиш, шаҳарларда кўкаламзорлаштиришни ривожлантириш, биохилма-хилликни асраш ҳамда мамлакатнинг иқлим барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.