«Ўзатом» делегацияси Беларус АЭСга ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 август куни «Ўзатом» делегацияси Беларус атом электр станциясида бўлди. Ташриф давомида станция раҳбарияти меҳмонларни АЭС фаолияти билан таништирди. Бундан ташқари, Ўзбекистон томонини қизиқтирган масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди.
Беларус томони БелАЭСни қуришнинг асосий босқичлари – технологияни танлашни асослаш, меъёрий ва институционал базани тайёрлашдан тортиб, станцияни бевосита қуриш ва фойдаланишгача, шу жумладан лойиҳа бошқаруви, тартибга солувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлик, ядровий ва радиация хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, соҳани самарали кадрлар билан таъминлаш бўйича тажриба алмашди.
Ўзбекистон делегацияси БелАЭС ўқув-машғулот маркази билан танишди, у ерда мумкин бўлган барча штатдан ташқари вазиятлар моделлаштирилади ва улардан нормал чиқиш бўйича ҳаракатлар ишлаб чиқилади. Марказ АЭСда қўлланиладиган бошқарув пультларини нусхалайдиган кенг кўламли тренажёрлар билан жиҳозланган бўлиб, бу ходимларнинг станция иш жараёнларига тўлиқ шўнғиши ва барча кўникмаларни ўзлаштиришни таъминлайди.
Марказ АЭСдан фойдаланиш бўйича мутахассислар тайёрлайди, шунингдек, уларни қайта тайёрлаш ва стажировкадан ўтказиш билан шуғулланади. Ходимлар доимий равишда турли штатдан ташқари вазиятларни имитация қилувчи тестлар ўтказиш орқали малакасини ошириш бўйича ўқитилади.
Томонлар, шунингдек, жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, жумладан, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишнинг жамоатчилик томонидан мақбуллик даражасини ошириш бўйича тажриба алмашдилар.
Профессионал таълим соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу йўналишда Ўзбекистон икки мамлакатнинг тегишли олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини кўрмоқда.
Беларус АЭС «Росатом» Давлат корпорацияси лойиҳаси бўйича қурилган ва 2023 йилда тўлиқ ишга туширилган. Бугунги кунда унинг жами ўрнатилган қуввати 2 400 МВтни ташкил этади. Беларус АЭСнинг асосий хусусияти — АЭСнинг ташқи ва ички таъсирларга максимал чидамлилигини таъминлайдиган фаол ва пассив хавфсизлик тизимларининг ноёб уйғунлигидир.
Ҳар бир энергия блоки "эритма тузоғи" — ядро реакторининг фаол ҳудудидаги эритмани локализация қилиш қурилмаси, шунингдек, энергия таъминоти тўлиқ бўлмаган вазиятда операторлар иштирокисиз ишлашга қодир бўлган бошқа пассив хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланган.