Навоийда сел оқимлари оқибатлари бартараф этилмоқда
Навоийда сел оқимлари оқибатлари бартараф этилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида кучли ёғингарчиликлар натижасида юзага келган сел оқимлари оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, айрим ҳудудларда табиий офат сел оқимларининг юзага келишига сабаб бўлган. Қатор маҳаллаларда эвакуация тадбирлари ташкил этилган бўлиб, махсус техника жалб қилинган ҳолда авария-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, оқибатларни бартараф этиш ишлари Қорача, Қуччи, Лангар, Ангидон, Олтинсой ва Майдон маҳаллаларида олиб борилмоқда. Ушбу ҳудудларда йўллар ва зарар кўрган участкаларни тозалаш, шунингдек инфратузилмани тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Хатирчи қурилиш касб-ҳунар техникуми ҳудуди ва Олтинсой маҳалласида ишлар давом этмоқда. Хатирчи туманидаги Мустақиллик маҳалласида эса мутасадди хизматлар сел ўзанини мустаҳкамлаш ва тозалаш бўйича тезкор чораларни кўрмоқда.
Оқибатларни бартараф этиш ишларига туман фавқулодда вазиятлар бўлинмалари ходимлари, автомобиль йўлларидан фойдаланиш корхоналари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари жалб қилинган. Ишларда 37 та махсус техника ва 173 нафар шахсий таркиб иштирок этмоқда.
Сел оқимлари оқибатларини бартараф этиш тадбирлари узлуксиз тарзда давом этаётгани маълум қилинди.