Марказий банк: Ўзбекистон уй-жой бозоридаги фаоллик ипотека кредитлари ва аҳоли даромадларининг ўсиши туфайли юқорилигича қолмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил II чорак якунларига кўра, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик юқорилигича сақланиб қолди. Ушбу давр мобайнида кўчмас мулк бозорида тузилган битимлар сони 88,1 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,9 фоизга ошди (жорий йилнинг I ярим йиллигида – 177,5 мингта битим тузилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,7 фоизга кўпроқдир.
Биринчи ярим йилликда бевосита кўчмас мулк олди-сотдиси билан боғлиқ шартномалар сони ҳам ўсишда давом этиб, 148,4 мингтани ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга ошди.
Жорий даврда кўчмас мулк бозорида фаолликнинг ошиши ипотека кредитлари, аҳоли даромадлари ҳамда уй-жой қурилишига инвестицияларнинг ўсиши фонида кузатилди.
II чоракда ипотека кредити ажратиш суръати тезлашиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоизга ўсди.
Шу билан бирга, бирламчи бозорда уй-жой сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитларининг сони ошишда давом этиб, жорий йилнинг II чорагида ажратилган жами ипотека кредитлари ҳажмидаги улуши 74 фоизни ташкил этди (2024 йилнинг II чорагида 57 фоиз).
Биринчи ярим йилликда кўчмас мулк олди-сотди шартномаларининг умумий сонида ипотека кредитларига асосланган шартномалар сони 21,3 фоизгача ошиб борди (2024 йил январь-июнь ойларида 19,9 фоиз). Бу эса ипотека кредитларининг уй-жой сотиб олишдаги ўрни ортиб бораётганлиги билан изоҳланиши мумкин.
Бирламчи бозордаги фаоллик жадал қурилиш суръатлари ҳамда уй-жой қурилишига инвестицияларнинг ортиши билан қўллаб-қувватланмоқда. Январь-июнь ойлари якунларига кўра, қурилиш ҳажмининг реал ўсиши 10,7 фоизни ташкил этди. Турар жой секторига йўналтирилган инвестицияларнинг улуши эса, ўсиб бораётган талабни акс эттирган ҳолда, ўтган йилнинг ушбу давридаги 4,7 фоиздан жорий йилда 7,9 фоизгача ошди.
Уй-жой таклифи томонидан фаолликнинг ошиши аҳолининг кўчмас мулк сотиб олиш учун турли қулай механизмларига бўлган юқори қизиқиши фонида қурувчилар томонидан мослашувчан тўлов шартларини таклиф қилиниши орқали ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Бу сўнгги пайтларда уй-жойга бўлган талабни қондириш билан бирга бирламчи уй-жой бозорининг кенгайиш омилларидан бири бўлди.
Аҳоли реал даромадларининг ўсиши ҳам уй-жой бозоридаги фаолликни талаб томондан рағбатлантирмоқда. Йилнинг биринчи ярмида аҳоли реал даромадларининг ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,5 фоизни ташкил этди. Ипотека кредитларининг юқори ўсиши билан бир қаторда уй-жой нархлари ўсишининг мувозанатлашиши турар жой сотиб олиш имкониятларининг барқарор ўсишига сабаб бўлмоқда.
Иккинчи чоракда нарх тенденциялари мўътадил сақланиб, ўтган чорак қийматлари атрофида шаклланмоқда. Уй-жой секторидаги мавжуд талабга қарамай, таклиф даражаси юқорилиги нархларнинг барқарор паст ўсиш суръатларини шаклланишида ўз аксини топмоқда.
Июнь ойи якунларига кўра, республика бўйича бирламчи уй-жой бозордаги нархлар йиллик ҳисобда сўмда 2,6 фоизга (долларда 2,1 фоизга) ўсди. Иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари сўм ҳисобида 2,5 фоизга (долларда 2,0 фоизга) ошди.
Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк нархларининг ўсиш суръатлари турлича шаклланишда давом этмоқда. Уй-жой нархлари даражаси юқори бўлган ҳудудларда (Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд ва Навоий вилоятлари) нархларнинг ўсиш суръатлари деярли ўзгармаган ёки бироз пасайган бўлса, бошқа ҳудудларда нархларнинг ўсиши давом этмоқда.
Бу эса ушбу ҳудудларда уй-жой нархларнинг келгусида ўсишда давом этиши мумкинлигини кўрсатиб, бунга жорий нархларининг ҳозирги кунда нисбатан пастлиги, инфратузилманинг яхшиланиб бориши, шунингдек, талабнинг ортиши сабаб бўлиши мумкин.
Уй-жой ижараси бозорида таклиф ҳажмининг ошиши ва талабнинг мавсумий пасайиши шароитида нархларнинг мўътадил даражаси сақланиб қолмоқда. Ижара тўловлари нархлари ўтган чоракдан буён сезиларли ўзгармаган бўлиб, республика бўйича умумий ўсиш суръати нолга яқин даражада шаклланди (июнь ойида йиллик 0,3 фоиз). Тошкент шаҳрида эса ижара тўловларида нархларнинг пасайиши давом этмоқда (июнь ойида йиллик 6,1 фоизгача пасайган).
Ер участкалари сегментида, Тошкент шаҳрида 100 kv.m. (1 сотих) ер майдони нархи июнь ойи якунлари бўйича 334 млн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичлардан 2,5 фоизга паст шаклланди.
Мавсумий омилларни ҳисобга олган ҳолда қурилиш материаллари таклифи барқарор бўлиб қолмоқда. Бироқ, сўнгги ойларда турар жой биноларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш материаллари нархларининг ўсиши бироз тезлашди. Йиллик ҳисобда июнь ойида ушбу материаллар нархи 5 фоизга ошди.
Умуман олганда, 2025 йилнинг II чорагида кўчмас мулк бозорида битимлар сони ва ипотека кредитлари ҳажмининг ўсиши натижасида юқори фаоллик сақланиб қолди. Таклиф ҳажмининг ошиши ва харид қилиш имкониятларининг кенгайиши талабни қўллаб-қувватлаб, бозор ва нархлар динамикасининг мувозанатли ривожланишини таъминламоқда.