Маҳаллаларда ҳуқуқ-тартибот масканлари бош ва кичик инспекторларига ваколат бериляпти, уларнинг масъулияти ошириляпти
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими ҳамда жамоат тартибини сақлаш соҳасига оид қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Криминоген вазият оғир маҳаллаларда ҳолатни барқарорлаштириш ҳамда жиноятларни барвақт профилактика қилиш мақсадида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти такомиллаштирилиб, профилактика бош ва кичик инспектори лавозимлари жорий этилган. Бироқ ички ишлар органлари тизимидаги ишларни кўриш ва чораларни қўллаш ваколати фақат маҳалладаги профилактика инспекторларига берилган бўлиб, бундай ваколат ҳуқуқ-тартибот масканлардаги бош ва кичик инспекторларида мавжуд эмас.
Бундан ташқари, ҳозирда ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати инспекторларига аниқланган айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштириш ваколати берилган бўлса-да, ушбу маъмурий баённомалар юзасидан чораларни қўллаш ваколати тизимдаги бошқа мансабдор шахсларга, жумладан, иш юкламаси катта бўлган туман (шаҳар) ички ишлар бўлим бошлиқлари ва ўринбосарлари, транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари бошлиқлари ҳамда профилактика инспекторларига юклатилган.
Юқоридаги ҳолатлар маълум иш бўйича қарор қабул қилиш жараёнларининг кечикишига, бу билан фуқароларнинг ҳам сарсон бўлишига олиб келмоқда.
Шу сабабли, мазкур қонун лойиҳаси билан ҳуқуқ-тартибот масканлари инспекторларига ҳамда патруль-пост хизмати инспекторлари раҳбарларига маъмурий баённомаларни кўриб чиқиш ва чораларни қўллаш ваколати берилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, вақт ва ресурсларни тежашга, оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.