LPP S.A. 2025 йил охиригача 20 та дўкон очади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 31 июль куни Тошкент шаҳридаги “Yunusabad Gallery” савдо марказида Европанинг етакчи кийим-кечак ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо компанияларидан бири — Польшанинг “LPP S.A.” компаниясига тегишли “SINSAY” брендининг биринчи дўкони тантанали равишда очилди.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳамда мамлакатимизнинг Польшадаги Элчихонаси томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш, шу жумладан, Европанинг йирик бренд компанияларини Ўзбекистон бозорига жалб қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир.
“LPP S.A.” — Польшада 1991 йилда асос солинган халқаро чакана савдо компанияси бўлиб, бугунги кунда у бешта бренд — Reserved, Cropp, House, Mohito ва Sinsayорқали 40 дан ортиқ мамлакатда 2000 тадан зиёд дўконга эга. Компаниянинг дўконлари Польша, Германия, Чехия, Венгрия, Румыния, Болгария, Саудия Арабистони, БАА, Миср, Қозоғистон, Грузия ва бошқа давлатларда фаолият юритади. “LPP S.A.” компанияси жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ва замонавий маркетинг ёндашувлари орқали катта муваффақиятларга эришган бўлиб, айни пайтда Европа ва Осиё бозорларида ўз мавқеини кенгайтирмоқда.
“LPP S.A.” компанияси томонидан Ўзбекистонга 2025 йилда умумий ҳажми 67 миллиард сўм бўлган тўғридан-тўғри сармоя йўналтирилди. Айни пайтда мамлакатимизда рўйхатдан ўтказилган мазкур компанияда 30 дан зиёд маҳаллий мутахассис доимий иш ўрнига эга бўлган бўлиб, бу янги иш ўринларини яратиш ва соҳага халқаро тажриба олиб киришда муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, “LPP S.A.” компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноати вакиллари ўртасида ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилмоқда. Жумладан, маҳаллий корхоналар билан қўшма ишлаб чиқариш ва экспорт имкониятларини ривожлантириш борасида музокаралар олиб борилмоқда.
Жорий йил якунига қадар Ўзбекистондаги сармоялар ҳажми 10 миллион АҚШ долларига етказилиши, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудида 20 тадан ортиқ “LPP S.A.” компанияси дўконларини ташкил этилиши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа нафақат истеъмол бозорида рақобат муҳитини яхшилаш, балки маҳаллий маҳсулотларни халқаро стандартларга мос равишда ривожлантиришга туртки бўлади.