Корея атроф-муҳит институти делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 11–15 август кунлари Корея Республикаси Корея атроф-муҳит институти (КEI) делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтди. Мазкур ташриф 2025 йил 24 март куни Корея Республикасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш мақсадида ташкил этилди.
Ташриф давомида Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тизимини такомиллаштириш, мазкур жараёнларни рақамлаштириш, экологик мониторингни ривожлантириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ушбу йўналишларда халқаро тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди.
Тадбирда Корея атроф-муҳит институти, Атроф муҳитга таъсирни баҳолаш гуруҳи катта илмий ходими Др. Сангюн Ли, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) Халқаро ҳамкорлик, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ш. Нуруллоев ҳамда бошқа соҳа мутахассислари иштирок этди.
Ҳамкорлик рамзи сифатида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ҳудудида жойлашган Давлат экологик экспертизаси марказининг “Экологик боғ”ида дарахт экиш маросими ўтказилди.