Валюта курслари 05/08/2025
$1 – 12621.29
UZS – -0.82%
€1 – 14596.52
UZS – 0.61%
₽1 – 158.44
UZS – -0.13%
Қидириш
Иқтисод 05/08/2025 Германиянинг AMK Global GmbH компанияси Тошкент вилоятида маиший чиқиндиларни қайта ишлашга сармоя киритади

Германиянинг AMK Global GmbH компанияси Тошкент вилоятида маиший чиқиндиларни қайта ишлашга сармоя киритади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация Германия Федератив Республикасининг Франкфурт шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Германиянинг етакчи банклари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди, инвестициявий ҳамкорлик бўйича дастлабки музокараларни амалга оширди.

Жумладан, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев томонидан «AMK Global GmbH» молиявий компанияси вакиллари билан учрашув ташкил этилди. 2019 йилда ташкил этилган компания бош офиси Франкфурт шаҳрида жойлашган бўлиб, МДҲ давлатларида бир қатор йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган.

«AMK Global GmbH» компанияси қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида хизматлар кўрсатади, бошқарув ва операцион тизимлар билан бир қаторда консалтинг, экспертиза, логистика йўналишларида ҳам фаолият юритади. Айниқса, чиқиндиларни қайта ишлаш ва қимматбаҳо материалларни қайта тиклаш бўйича замонавий технологияларни жорий этган.

Учрашувда Тошкент вилоятида Германия ва Европа инновацион технологияларидан фойдаланган ҳолда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қуриш бўйича инвестицион лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Лойиҳага кўра, янги завод кунига камида 500 тонна маиший чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Бу эса вилоятда қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш бўйича самарали ва экологик хавфсиз тизимни йўлга қўйиш имконини беради.

Мазкур ташаббус вилоятда экологик барқарорликни таъминлаш, яшаш муҳитини яхшилаш ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР