Чорвоқ сув омборига ифлос сувлар қуйилгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ижтимоий тармоқларда тарқалган, гўёки Бўстонлиқ туманида жойлашган Чорвоқ сув омборига ифлос сувлар қуйилаётгани тўғрисидаги хабарлар идоралараро гуруҳ томонидан тезкор ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош вазир ҳузуридаги қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ҳамда тегишли ташкилотлар мутахассислари Навобод маҳалласида жойлашган сув омборининг кузатув майдончасини жойига чиқиб текширишди, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.
Текширув давомида 600 мм диаметридаги қувурдан чиқарилаётган сув канализация оқавалари эмас, балки деҳқон хўжалигининг боғларини суғориш учун мўлжаллангани аниқланди. Шунингдек, ҳудуддаги полипропилен қувурлар орқали электр кабеллари ўтказилгани маълум бўлди.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида экология бошқармаси ва санитария-эпидемиология хизматлари мутахассислари томонидан сув намуналари олиб, лаборатория таҳлили ўтказилди. Дастлабки натижаларга кўра, сувда ифлослантирувчи моддалар аниқланмади, унинг таркиби амалдаги санитария меъёрларига (СанПиН 0083-24) тўлиқ мос экани қайд этилди.
Қолаверса, ҳудудда “Бахачол” марказлашган канализация коллектори фаолият юритмоқда, у «Чимён-Чорбоғ магистрал сув тармоғи» АЖ тасарруфида бўлиб, аҳоли, бюджет ва хўжалик субъектларининг чиқинди сувлари шартномалар асосида Чирчиқ шаҳридаги тозалаш иншоотларига йўналтирилади.
Чорвоқ сув омбори периметридаги кенг кўламли текширув ҳам ифлос сувларнинг сув омборига ёки сув оқимлари орқали тушиши ҳолатларини тасдиқламади.
Шунингдек, гидротехник иншоотларнинг хавфсизлиги ва техник ҳолатига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ҳам қайд этилмади.
Шу тариқа, Чорвоқ сув омборига ноқонуний равишда ифлос сувлар қуйилаётгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади.