БМТнинг III Конференциясида Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича ташаббуслари тақдим этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркманистоннинг «Аваза» миллий туристик ҳудудида бўлиб ўтган БМТнинг денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича III Конференцияси доирасида “Иқлим ўзгариши ва табиий офатларга мослашиш салоҳиятини ошириш, барқарорликни кучайтириш” мавзусида юқори даражадаги панель сессияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этиб, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича миллий саъй-ҳаракатлар ҳақида маъруза қилди.
Мазкур муҳокамада Малави Республикаси вице-президенти Майкл Бисвик Уси, Бутан Қироллиги ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Дама Натҳ Дунгел, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Тангрйгулй Атахаллиев, Молдова Республикаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Сержиу Лазаренку, Германия Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлигининг парламент давлат котиби Ёханн Заатхофф, БМТ Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби ўринбосари Дмитрий Марясин, БМТ табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича бошқармасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий департаменти раҳбари Наталия Алонсо Кано, Ботсвана университети доценти, иқлим ўзгариши бўйича Ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи (ИПСС) етакчи муаллифи Офа Полин Дубе ва бошқа давлатлар ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида сўнгги 50 йил ичида мамлакатда ўртача йиллик ҳарорат 1,2°С га ошгани, қурғоқчил кунлар сони эса 20 фоизга кўпайганини таъкидлади. 2023 йилда мамлакат ҳудудининг деярли 40 фоизи кучли қурғоқчиликка дучор бўлиб, бу ҳолат ялпи ички маҳсулот таркибида 17 фоиз улушга эга бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасига жиддий салбий таъсир кўрсатган. Вазир энг яққол экологик инқироз намунаси сифатида Орол денгизининг қисқаришини келтириб ўтди, бу ҳолат тахминан бир миллион кишининг саломатлигига хавф солмоқда ва уларнинг ҳаёт манбалари йўқолишига олиб келмоқда.
Шу билан бирга, вазир Ўзбекистон “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида иқлим ўзгаришига мослашиш, табиий офатларни олдиндан аниқлаш ва экотизимларни тиклаш бўйича самарали чоралар кўраётганини таъкидлади. Иқтисодиётнинг асосий тармоқлари учун мослашув режалари ишлаб чиқилган, иссиқхона газлари ташланмаларини чеклаш тўғрисида қонун қабул қилинган, углерод чиқиндиларини тартибга солиш механизмлари жорий этилмоқда ҳамда Миллий иқлим ўзгариши стратегияси тасдиқланган. Вазирнинг чиқиши халқаро ҳамкорлар томонидан қизиқиш ва қўллаб-қувватлаш билан кутиб олинди ҳамда кучайиб бораётган иқлим муаммолари шароитида барқарорлик масалалари бўйича умумий муҳокамаларга катта ҳисса қўшди.