БМТ Тараққиёт Дастури билан «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги делегациясининг АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг юқори даражадаги сиёсий форуми доирасидаги ташрифи чоғида муҳим келишувга эришилди.
Форум доирасида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев ҳамда БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт Дастурининг (БМТТД) Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий директори Ивана Живкович ўртасида «яшил» иқтисодиёт соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун умумий қиймати 1,8 миллион АҚШ доллари бўлган грант маблағларини жалб қилиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди.
Мазкур грант маблағлари Ўзбекистонда энергия аудитларини ўтказиш, ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини ошириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига йўналтирилган буджетлаштириш, цемент саноатини декарбонизация қилиш каби йўналишлардаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт Дастури ўртасида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, уларнинг натижалари ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мазкур келишув Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш борасидаги амалий ишларни жадаллаштиришга хизмат қилади.